Хонободдаги ҳужумчининг шахси аниқланди

Жорий йилнинг 26 май куни Андижон шаҳрида ўзини портлатиб юборган худкушнинг шахси аниқланди.

Бу ҳақда РИАН ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқни мухофаза қилиш идорасига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Ўтказилган текширув натижасида худкуш шахснинг Андижон вилояти Хўжаобод туманида истиқомат қилиб келган 27 яшар Камолиддин Матқосимов бўлгани аниқланган.

Маълум бўлишича, Матқосимов Покистонда бўлиб, жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган. Бундан ташқари, Матқосимовнинг Россия ва Қозоғистонда экстремистлар сафига янги одамларни жалб қилгани ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боргани айтилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, 26 май куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига кираверишда жойлашган милиция блок-постига портловчи мосламалардан фойдаланган ҳолда ҳужум қилинган.

Шу куннинг ўзида, дейилади расмий хабарда, Андижон шаҳрида номаълум шахс ўзини-ўзи портлатиб юборган ва бунинг оқибатида бир нафар милиция ходими ҳалок бўлган, бир неча фуқаро жароҳатланган.

Худкушнинг шахси аниқланганлиги борасидаги хабарга муносабат билдирган Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари¸ тергов манфаати нуқтаи назаридан бу хабарни на тасдиқлаши ва на инкор қилишини билдирди.