Душанбе Тошкент билан алоқалардан мамнун

-Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар ўзига xос ва айни кунларда ёмон даврни бошдан кечирмоқда дейишга ҳожат йўқ, дея баёнот берди Тожикистон Ташқи ишлар вазири Абдулло Йўлдошев.

Икки давлат ўртасидаги алоқаларга оид журналистлар саволига жавоб қайтарган Йўлдошев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида анъанавий қўшничилик алоқалари сақланиб қолган ва бу алоқаларда ҳам яхши, ҳам ёмон кунлар бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

Тожикистон расмийсига кўра, ҳозирги кунда икки давлат чегарасида 29та назорат пункти фаолият юритмоқда. Икки қўшни ўртасида жорий этилган виза тартибига тўxталган Йўлдошев, ҳозирги кунда кўпгина давлатлар ўртасида виза алоқалари мавжудлиги ва бунинг ҳеч бир ёмон томони йўқлигини таъкидлади.

Йўлдошев журналистлар билан суҳбатда чегаралардаги миналар муаммосини ҳам тилга олди.

-Тожик-ўзбек чегарасида ҳал этиладиган талайгина муаммолар мавжуд. Ўзбекистон билан чегарадаги 600 кмга яқин ҳудуд шу кунгача делимитация қилинмаган. Тожикистон раҳбарияти ушбу муаммоларни имкон қадар тез фурсатда ҳал этишга уринмоқда, деди жумладан Йўлдошев.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Роғун ГЭСинининг қурилиши айрим давлатлар эътирозига қарамай, охир-оқибат ниҳоясига етказилишини таъкидлади.

Расмий Тошкент ушбу ГЭС қурилишига мутлоқ қарши чиқмоқда.