Тақирбошлар иши судга оширилди

Хабаровск ўлкасида Ўзбекистон фуқаросини ўлдирган ўсмирларнинг иши судга оширилди.

Regions.Ru сайтининг хабар қилишича, Россия прокуратураси қошидаги тергов қўмитаси Хабаровск ўлкасида Ўзбекистон фуқароларига қилинган ҳужум юзасидан икки ўсмирга нисбатан очилмиш жиноят ишини ниҳоясига етказган.

Ҳужум ташкилотчиси Россия ЖКнинг 111-моддаси 4-банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган миллий нафрат асосида қасддан жароҳат етказиш) ва 158-модда (ўғирлик) бўйича айбдор, деб топилган. Иккинчи ўсмирга эса 111-модданинг 2-банди (миллий нафрат асосида қасддан жароҳат етказиш) бўйича айб қўйилган.

Маълум бўлишича, айбланувчилар 2008 йилнинг август ойида Хабаровск ўлкасида ўзбекистонлик фуқароларга ҳужум қилган. Оқибатда калтакланган ўзбекистонликлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчи эса оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Терговчиларнинг айтишича, ушбу ҳужум ташкилотчиси маҳаллий тақирбошлар гуруҳига аъзо бўлган.