Ўзбек-тожик чегараси қайта очилди

Ўзбекистон ўзаро борди-келди учун Тожикистон билан чегараларини очди.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчилиги масъуллари мазкур хабарни тасдиқлар экан, ўтган ҳафта охиридан Ўзбекистон тожикистонликлар учун ўз чегараларини очиб қўйганини маълум қилдилар.

Ўзбек элчихонасидаги манбага кўра, Тожикистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Турсунзода туманида геморрагик безгак касаллиги тарқалиши ва мустақилликнинг 18 йиллигини нишонлаш муносабати билан жорий йил 14 августида расмий Тошкент чегараларни бир томонлама ёпиб қўйган.

Ўтган вақт мобайнида фақат икки мамлакат дипломатлари, Ўзбекистондан транзит йўлак сифатида фойдаланувчилар ва дафн маросимларига қатнашишлари зарур бўлган шахсларгагина Ўзбекистон ҳудудига киришига рухсат берилган.

- Аммо жорий ҳафта бошидан виза расмийлаштирган тожикистонликларнинг ҳаммаси учун йўл очиб қўйилди, дея қўшимча қилди Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходими.

Айни хабарни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Давлат чегараларини қўриқлаш бошқармаси ходимлари ҳам тасдиқладилар.

Айни пайтда¸ оддий тожикистонликлар ўзбек-тожик чегара пунктларининг айримлари ҳамон ëпиқлигича қолаëтганини айтмоқдалар.