Пекин Тошкент билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиради

Хитой Ўзбекистон билан дўстона ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришни хоҳлайди. Бу ҳақда Тошкентга сафар қилган Хитой Марказий ҳарбий комиссияси раис ўринбосари Гуо Боксионг баёнот берди.

Синхуа агентлигининг ёзишича, жума куни Хитой расмийси Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев билан сўзлашувлар олиб борган.

- Хитой ва Ўзбекистон бир-бирини яхши тушунган ва қувватлаган ҳолда бир қатор халқаро масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, қолаверса, Хитойнинг ҳудудий яхлитлиги, Тайван ва Тибет масалаларида Хитой сиёсатини қўллаб-қувватлагани учун Тошкент ҳаракатларини олқишлаймиз, деди Хитой расмийси.

23 октябр куни Хитой мудофаа вазири Лианг Гуанглие ҳам ўзбекистонлик ҳамкасби Қобул Бердиев билан музокаралар ўтказди.

Лианг фикрича, Ўзбекистон-Хитой алоқаларининг муҳим қисми ҳисобланмиш ўзаро ҳарбий ҳамкорлик ҳозирги кунда изчил ривожланиб бормоқда. Хитой мудофаа вазири, шунингдек, ўз давлати Ўзбекистон билан нафақат сиёсий, балки ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш иштиёқида эканини билдирди.

Ўз навбатида, Қобул Бердиев Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорликни муҳим деб билиши ҳамда бу давлат билан ҳарбий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш истагида эканини айтди.