Марк Вайл қотиллари топилди

Ўзбекистонда “Илҳом” театри асосчиси ва раҳбари, режиссёр Марк Вайлни ўлдирганликда гумон қилинган шахслар қўлга олинди.

Таниқли театр арбоби 2007 йилнинг 6 сентябр куни Тошкентдаги ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилган эди.

Фарғона.ру сайтининг Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидовга таяниб хабар қилишича, жиноят иштирокчилари тўрт нафар бўлган. Улардан бири Тожикистон фуқароси Ёқуб Ғофуров, иккинчиси Ўзбекистон фуқароси Сатторов, учинчиси ҳозирда қидирувга берилган Россия фуқароси Исҳоқов, ҳамда тўртинчиси Пўлатов исмли шахс бўлган.

Маълум бўлишича, қотиликка Марк Вайлнинг ижоди, жумладан, режиссёр томонидан саҳналаштирилган “Қуръонга тақлид” асари сабаб бўлган. Қўлга олинган шахсларнинг таъкидича, Марк Вайл мазкур асари билан Муҳаммад алайҳиссаломни таҳқирлаган.

Режисёр қотиллиги юзасидан олиб борилган тергов жараёни ниҳоясига етказилган ва бу иш яқин келажакда маҳкамага оширилади, дея хабар қилди Фарғона.ру сайти.