Журналистга хиёбонни расмга олиш маън этилди

Тошкентлик журналист Алексей Волосевичнинг Амир Тимур хиёбонида асрлик дарахтлар кесилаётганини суратга олишига тўсқинлик қилинган.

Узньюс.нет интернет нашрининг хабар қилишича, журналист Алексей Волосевич дарахтлар кесилишини суратга олаётган пайтда унинг олдига фуқаролик кийимидаги икки нафар шахс келган ва улар ўзларини таништирмасдан тасвирга олишни тўхтатишни талаб қилишган.

Волосевич улардан ҳужжат кўрсатишни ёки ҳеч бўлмаса, ўзларини танитишни сўраганида, улар милиция ходимларини чақиришган ва журналистни ҳибсга олишни буюришган.

Шундан сўнг уни машинага солиб, Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимига олиб кетишган.

У ерда, Волосевичнинг сўзларига кўра, ундан барча фотосуратларни ўчиришни талаб қилишган.

Амир Темур ҳиёбонидаги юз йиллик дарахтларнинг кесилиши мана деярли бир ҳафтадан буён давом этмоқда.