Ўзбекистон минтақа ягона энерготизимидан чиқади

Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергетик тизимидан чиқиши тўғрисида расман баёнот берди.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги Ўзбекистон республикасининг Тожикистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шоқосим Шоисломовнинг Душанбе шаҳрида ўтказилган махсус брифингда айтганларига таяниб хабар қилди.

Шоисломовга кўра, 1 декабр куни "Ғузор-Сурхон" электр узатиш линияси фойдаланишга топширилиб, мамлакатнинг ўз энергохалқаси тўла шаклланади ва шундан сўнг Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергетик тизимидан чиқиб кетади.

Ўзбекистон вакилининг фикрича, минтақа мамлакатлари энергия айирбошлаш масалаларида бундан буён иккитомонлама келишувлар асосида ҳамкорлик қилишга ўтиши лозим.

Ўзбекистоннинг бу қадамини қўшни мамлакатлар таҳлилчилари танқид қилмоқда. Улардан бири Тошкентни минтақадаги "дезинтегратор", деб атади.