Сенат қатор қонунларни маъқуллади

5 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон республикаси Олий мажлиси Сенатининг “Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органлари роли ва масъуллиги тўғрисида”ги қарори бажарилишининг бориши ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сенаторлар, шунингдек, “Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди таркибларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистоннинг Белгияда ҳамда Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасига тайинлаш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.