Ўзбекистондаги сайловга хориж кузатувчилари келмоқда

КазИнформ ахборот агентлиги Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси Қувондиқ Турғунқулов бошчилигидаги делегация 24 декабр куни Тошкентга келганини хабар қилди.

27 декабр куни Ўзбекистон парламенти ва маҳаллий ижриоя органларига ўтказиладиган сайловни кузатиш учун Қозоғистондан келган делегация таркибида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибияти ва МДҲнинг кузатувчилар миссияси вакиллари ҳам бор.

Қозоғистон вакиллари пойтахт Тошкент, шунингдек, Андижон ва Хоразм вилоятларида овоз бериш жараёнини кузатади.

Айни пайтда 25 декабр куни тожикистонлик кузатувчилар гуруҳи Душанбедан Тошкентга жўнаб кетди.

Гуруҳ таркибида Тожикистон Олий мажлиси раиси Гулназар Келди, Стратегик тадқиқотлар маркази директори Суҳроб Шарифов ва Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ёқуд Мадумаров ҳам бор.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ҳозиргача Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг сайловларни баҳолаш гуруҳини, МДҲ Ижриоя қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом конференцияси ташкилоти, шунингдек, 36 давлат вакилларини рўйхатга олган.

Ўзбекистондаги сайловни 250дан ортиқ хорижлик вакил кузатиши айтилмоқда.