Прокуратура мустақил журналистларни суҳбатга чақирди

Ўзбекистонлик бир гуруҳ мустақил журналистлар 7 январ куни Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилди.

Маълум бўлишича, мустақил журналистлар Сид Янишев, Василий Марков ва Ҳуснидин Қутбиддинов Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб, улардан тушунтириш хатлари ёздириб олинган.

Журналист Сид Янишевнинг Озодлик радиосига айтишича, мустақил журналистларнинг прокуратурага чақиртирилишига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматидан тушган материаллар асос бўлган.

- Прокурор ёрдамчиси менга устимдан тўпланган ҳужжатларни кўрсатди ва журналистик фаолиятим, қаерда иш бошлаганим, кимлар билан ва нима асосда ишлаганим хусусида қизиқди. Мен унинг саволларига жавоб қайтардим. Прокурор ёрдамчиси, шунингдек, хориж ахборот воситалари тўғрисида қизиқди. Мен унга бор нарсани айтиб бердим ва у мендан жавобларимни тушунтириш хатига туширишни сўради. Хатни ёзгандан сўнг мен у билан хайрлашдим, деди Сид Янишев.