Ўзбекистонга олиб кетилган қирғиз чегарачиси Қирғизистонга қайтарилди

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Ўзбекистон билан чегарадош Чек қишлоғида ўзбек чегарачилари томонидан 17 январ куни ўққа тутилган, яраланганидан кейин эса Ўзбекистон ҳудудига олиб кетилган қирғиз чегарачиси 22 январ куни ватанига қайтарилди.

Бу маълумотни Озодлик радиосига Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати раҳбари Жўўдар Исақулов тасдиқлади.

- Биз бу маълумотни тасдиқлаймиз. Чегарачимиз кеча олиб келинди. Икки давлат чегара идоралари раҳбарлари учрашувида шундай ҳулоса қабул қилинган. Таъкидлаб ўтишим керак-ки, бундан ташқари учрашув давомида қирғиз-ўзбек чегарасида юзага келувчи баҳсли вазият ва можароларни олдини олиш бўйича ҳамкорликда комплекли чоралар ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинди, - деди Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати раҳбари Жўўдар Исақулов.

Унинг айтишича, ватанига қайтарилган қирғиз чегарачиси Ўшдаги касалхоналардан бирида даволанмоқда. Ўшлик шифокорлар унинг аҳволи қониқарли эканини айтишмоқда.