Янги Сенат илк мажлисини ўтказди

26 январ куни Тошкентда Олий мажлис Сенатининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов мажлисни очиб, Олий мажлис Сенатини шакллантириш якунлари тўғрисида ахборот берган ва сайланган сенаторларни табриклаган.

Сенаторлар, шунингдек, кун тартибини тасдиқлаб, Сенат биринчи мажлисининг муваққат котибиятини, электрон тизимдан фойдаланиш бўйича муваққат назорат гуруҳини сайлаганлар.

Мажлисда нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов сенаторларни янги лавозим билан табриклаб, уларнинг ситқи-дилдан хизмат қилишига катта ишонч билдирган.

Каримов ўз чиқишида, шунингдек, Сенат фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар, эътибордан четда қолган масалалар, унинг олдида турган енг муҳим вазифаларга ҳам тўхталиб ўтган.

Ўз нутқи якунида Ўзбекистон президенти “Олий мажлис Сенатининг регламенти тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига биноан Ўзбекистон республикаси Олий мажлиси Сенати раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тақдим этган. Сенат аъзолари яширин ововз бериш йўли билан Сенат раиси лавозимига Илгизар Собировни, раис ўринбосарлари этиб Мавжуда Ражабова ва Муса Eрниязовни сайладилар.