Каримов Януковичга табрик йўллади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Украина мухолифати етакчиси Виктор Януковични иккинчи давра президент сайловида қўлга киритган ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Ўзбекистон презденти маъмуриятига таянган ҳолда хабар тарқатди.

"Ишончим комилки, шахсий қувватловингиз остида Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат алоқалари халқларимиз манфаати йўлида ҳар томонлама мустаҳкамланиб, изчил ривожланиб боради", дейилади Ўзбекистон раҳбари табригида.

Ислом Каримов ўз табригида, шунингдек, Виктор Януковичга сиҳат-саломатлик ва давлат ишларида муваффақият ҳамда дўстона Украина халқига тинчлик, осойишталик ва ривож тилаб қолажагини таъкидлайди.

Украина Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, 7 феврал куни бўлиб ўтган иккинчи давра президент сайловида берилган овозларнинг барчаси санаб бўлинган.

Сайлов дастлабки натижаларига кўра, мухолифат етакчиси Виктор Янукович 48.95, иқтидордаги бош вазир Юлия Тимошенко эса 45.47 фоиз овоз тўплаган.

Украина Марказий сайлов комиссияси 17 февралга қадар сайловнинг расмий натижаларини эълон қилиши кутилмоқда.