Қозоғистонда ўзбек гази камайди

Ўзбекистон Қозоғистоннинг жанубий минтақаларига етказиб берилаётган табиий газ миқдорини камайтирди.

Бу ҳақда Gazeta.kz сайти Жанубий Қозоғистон ҳокими ўринбосари Берик Оспановга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Оспановнинг билдиришича, бир ҳафтадан буён Ўзбекистондан табиий газ деярли келмай қолгани оқибатида вилоятда газ таъминоти масаласида оғир вазият юзага чиққан¸ хусусан саноат корхоналари танг аҳволда қолган.

Оспановга кўра, имконияти бўлган маҳаллий корхоналар ўз фаолиятини давом эттириш мақсадида қорамой билан ишлашга ўтмоқдалар.

Экспертлар фикрича, ҳаво ҳароратининг кескин совуб кетиши ҳамда мамлакат ичкарисида газга бўлган эҳтиёжнинг ортиши муносабати билан Ўзбекистон қўшни давлатга етаказиб бераётган газ миқдорини камайтирган.