Бекободда Тожикистоннинг 30 нафар фуқароси ушланди

Ўзбекистонда давлат чегарасини бузгани учун қўшни Тожикистоннинг 30 нафар фуқароси қўлга олинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси ходими Раззоқ Шоймардонов РИА Новости агентлигига маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон фуқаролари сешанба куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманида қўлга олинган.

Қўлга олинган фуқароларнинг билдиришича, мева-сабзавот сотиб олиш мақсадида ўтмишда улар чегара назорат пунктлари орқали Ўзбекистон ҳудудида ўтганлар, бироқ бир ҳафтадан буён Тожикистондаги чегара назорат пунктлари ёпиқ бўлганлиги туфайли, улар чегарадан ноқонуний равишда ўтишга мажбур бўлмоқдалар.

-Қоидабузарлар ички ишлар органларига топширилган ва яқин кунлар ичида улар ўз ватанига депортация қилинадилар,дея қўшимча қилди Шоймардонов.

Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси ходимининг билдиришича, 2009-2010 йиллар давомида Тожикистоннинг 6500дан зиёд фуқароси ўзбек чегарасини ноқонуний равишда бузиб ўтганлик айби билан қўлга олинган.