Ўзбекистон ва Уммон инвестицияни оширишни режаламоқда

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 22 март куни Оқсарой резиденциясида Уммон Султонлигининг Савдо ва саноат вазири Мақбул бин Али Султонни қабул қилди.

Сўзлашув чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Уммон ўзаро инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 500 миллион АҚШ доллари миқдорида капиталга эга бўлган қўшма инвестиция компанияси тузиш ҳақида ҳужжат имзолаган.

Бу компания акциясининг 75 фоизи Уммонга, 25 фоизи Ўзбекистонга тегишли бўлиши назарда тутилган.

2010 йил январида Уммон Султони Қобус бин Саид яқин фурсатда Тошкентда Уммон Султонлигининг элчихонасини очиш ҳақидаги фармонни имзолаган.