Ўзбекистонда уруш фахрийлари тақдирланади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 65 йиллиги нишонланиши муносабати билан 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларни мукофотлаш тўғрисида” фармон чиқарди.

Олти банддан иборат ҳужжатда уруш қатнашчилари ва ногиронларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, уларни “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 65 йиллиги” юбилей медали билан мукофотлаш, шунингдек, уларга 200 минг сўм миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш назарда тутилган.

Республика бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юклатилган.