Ислом Каримов Россияга расмий ташриф билан боради

Россия Федерацияси президенти Дмитрий Медведевнинг таклифига мувофиқ 19 апрел куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Россияга икки кунлик расмий ташрифи бошланади.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, ташриф давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, икки томонни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг Москвага сафари охирида икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режаланган.

Эслатиш жоизки, Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 20 мартда ўрнатилганидан бери Россия президентлари Ўзбекистонга 5 марта келди.

Хусусан, Дмитрий Медведев 2009 йил 22 – 23 январ кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов эса Россияга етти марта сафар қилди.

Унинг Москвага охирги расмий ташрифи 2008 йил 5 – 6 феврал кунлари бўлиб ўтди.

Айни пайтда, Ўзбекистон раҳбарининг Россияга 19 апрел кунги расмий ташрифи чоғида инсон ҳуқуқлари фаоллари Москва ҳокимияти рухсати билан норозилик намойиши ўтказишни режалаган.