Каримов ШҲТ расмийлари билан учрашди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 23 апрел куни Оқ саройда ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котиблари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Муратбек Иманалиев ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Женисбек Жуманбековни қабул қилди.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, Ислом Каримов ШҲТ фаолиятининг минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича кўп томонлама комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби йўналишлардаги ҳамжиҳатлик юксак натижалар бераётганидан мамнуният изҳор қилган.

Меҳмонлар, ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўплаб соҳаларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга ва ШҲТ фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаганлар.

Учрашув чоғида ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига тайёргарликнинг бориши тўғрисида, умумминтақавий аҳамиятга эга бўлган бошқа масалалар ҳусусида фикр алмашилган.

Шу куннинг ўзида Ислом Каримов Оқ саройда Хитой Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Мен Цзанчжуни қабул қилди.

Учрашувда асосан ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида ташкилот ва унинг тузилмавий бўлинмаларининг нуфузини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиши механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.