Ўзбекистон Қирғизистонга ёрдам берди

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 24 апрел куни президент Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон ҳукумати жиддий зарар кўрган Қирғизистон республикасига биринчилардан бўлиб беғараз инсонпарварлик ёрдами кўрсатган.

Маълум бўлишича, шанба куни Андижоннинг Қўрғонтепа туманидаги “Савай” темир йўл бекатидан қўшни давлатга инсонпарварлик ёрдами жўнатилган.

Инсонпарварлик ёрдами 30 тонна ун, 200 тонна минерал ўғит, 150 тонна цемент, қурилиш материаллари, кийим-кечак, дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ва бошқа материаллардан иборат.

"Айни пайтда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Муҳаммад Қосималиев Ўзбекистон ҳукуматининг биринчилардан бўлиб Қирғизистонга ёрдам қўлини чўзгани учун қўшни давлат раҳбари ва ҳукуматига ўз миннатдорчилиги изҳор қилди", дейилади ЎзА агентлиги хабарида.