Тошкент Сеулни қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Жанубий Кореяга қарашли кема сувга чўктириб юборилганини қоралади ва бу мамлакатнинг Корея ярим оролида тинчлик ўрнатиш йўлидаги уринишини қўллаб-қувватлади.

“Жанубий Кореяга қарашли “Чхонан” кемаси Сариқ денгизда 26 март куни сувга чўкиб кетишига Корея Халқ Демократик Республикаси алоқадор бўлгани ҳақидаги Халқаро гуруҳ ўтказган текширув натижалари Ўзбекистонда хавотир билан қабул қилинди. 46 нафар матрос нобуд бўлган воқеани қоралар экан Ўзбекистон Корея ярим оролида тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги Корея Республикасининг уринишларини қўллаб-қувватлайди”, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон ахборот агентли эълон қилган баёнотда.

Корея ярим оролида юзага келган вазият муносабати билан эълон қилинган мазкур баёнот Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳам чоп этилди.