Ўзбек ҳаками Жаҳон чемпионатининг илк баҳсини бошқаради

Ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Равшан Эрматов Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувига ҳакамлик қиладиган бўлди. Бу ҳақда Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) расман эълон қилди.

Равшан Эрматов 11 июн куни бошланадиган Жаҳон чемпионатининг илк учрашуви, Жанубий Африка ва Мексика ўртасида бўлиб ўтадиган ўйинга ҳакамлик қилади. Мазкур баҳс Жанубий Африканинг Йоҳаннесбург шаҳрида бўлиб ўтади.

Жаҳон чемпионатида Равшан Эрматовга ўзбекистонлик Рафаэл Илёсов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради.
Рефери фаолиятини 2003 йилда бошлаган Эрматов футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарадиган ўзбекистонлик биринчи ҳакам бўлади.

Равшан Эрматов 2008 йилда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг финал баҳсини ҳам бошқарган эди. Эрматов, шунингдек 2008 ва 2009 йилларда Осиёнинг энг зўр ҳаками деб топилган.