Coscom ўзбек қочқинларига ёрдам бермоқчи

Ўзбекистондаги Coscom мобил алоқа оператори Андижон вилоятида бошпана топган қирғизистонлик ўзбек қочқинларига маблағ тўплаш акциясини бошлади.

22 июндан бошлаб Coscom ўзининг U-Cell алоқа тармоғи орқали “Қочқинларга ёрдам” номи остида хайр-эҳсон акциясини бошлаб юборган. Мазкур акция 5 июлга қадар давом этади ва қирғизистонлик қочқинларга ёрдам бериш истагида бўлган U-Cell тармоғи фойдаланувчилари 0330 ҳамда 0331 рақамига СМС юборишлари мумкин.

Акция давомида тўпланган маблағ эса Ўзбекистон ҳудудида бошпана топган қочқинларга тўғридан-тўғри ёрдам бериб келаётган “Соғлом авлод учун” фонди банк ҳисобига ўтказилади ва бу пулларга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сотиб олиш режаланган.

Айни пайтда бутун Ўзбекистон аҳолиси Қирғизистондан қочиб келган ўзбекларга қўлдан келганича ёрдам бериб келмоқдалар. Хабарларга кўра, Андижон ҳокимияти томонидан ташкил қилинган махсус банк ҳисоб рақамига шу кунгача 3.9 миллиард сўм маблағ келиб тушган.