Каримов вақтинчaлик ҳамкасби Ўтунбаевани табриклади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Роза Ўтунбаевани Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти этиб тайинлангани билан табриклади.

- 2010 йилнинг 27 июн куни бўлиб ўтган умухалқ референдуми натижаларига кўра Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти ваколати берилгани билан сизни табриклаган ҳолда, Қирғизистоннинг дўстона халқига тинчлик-омонлик, барқарорлик ва ривож тилаб қоламан, дейилади Ўзбекистон президенти мактубида.

Ислом Каримов, шунингдек ўз мактубида яқинда Ўш шаҳри ва Жалолобод вилоятларида рўй берган қонли тўқнашувлар юзасидан объектив ва шаффоф текширув ўтказилишига ишонч билдирди.

-Ўтказилган текширув, албатта, Қирғизистон жанубида бир неча асрлар давомида истиқомат қилиб келаётган ўзбек ва қирғиз аҳолиси манфаатларининг бирлиги ва ажралмас эканлигини намойиш қилади. Шу билан бирга¸ ўзининг қабиҳ ниятлари учун минглаб бегуноҳ одамларни қурбон келтиришга тайёр бўлган провокаторлар ва ташқаридан туриб буюртма берганларнинг асл юзи ошкор бўлади, деди Ислом Каримов Ўтунбаевага йўллаган мактубда.

Ўзбекистон президентининг ушбу мактуби “бугунги кунда ўз бошига тушган синовлардан ўтиб олиш учун қирғиз халқига унинг ақл-идроки ва донолиги куч-қувват беради, деган ишончда эканлигимни яна бир бир бор айтиб ўтмоқчиман”, деган сўзлар билан якунланади.