Ўзбекистон Латвия, ЕИ ва НАТО учун муҳим ҳамкор

Латвиянинг LETA ахборот агентлиги хабарига кўра, Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳамда Мудофаа вазири Қобул Бердиевлар билан учрашган Латвия Ташқи ишлар вазири Аивис Ронис шундай баёнот берган.

Аивис Ронис Ўзбекистон расмийлари билан мулоқотлар чоғида ўзаро икки томонлама алоқалар билан бирга Европа иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатлари, шунингдек, Қирғизистон ҳамда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган.

Шу билан бирга икки давлат Ташқи ишлар вазирлари томонлар ўртасидаги дипломатик мулоқотни олқишлаган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Латвия билан талабалар, технологик ютуқлар ва туризм соҳасидаги тажрибалар алмашинуви масаласида қизиқиш билдирган.

Бундан ташқари Норов Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги инвестиция муҳитини яхшилаш устида ишлаётганини ҳам алоҳида таъкидлади, деб ёзмоқда LETA агентлиги.

Ўз навбатида Ронис Ўзбекистон Латвия, айни пайтда, Европа иттифоқи ҳамда НАТОнинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори эканини урғулаган. Шунингдек, Ронис Тошкентдаги Латвия элчихонаси 1 июлдан ЕИ га президентлик қила бошлаган Белгия, Ўзбекистон эса иттифоқ билан янада яқинроқ ҳамкорлик алоқаларига интилишига умид билдирган.

Учрашув чоғида Аивис Ронис Латвия ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги халқаро кучларга ноҳарбий юкларни элтувчи транзит йўлдаги энг муҳим нуқталар, деб таъкидлаган.

LETA агентлигига кўра, вазир Ронис учрашувлар чоғида “Ҳар икки давлат Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакат иқтисодини қайта қуришга қаратилган лойиҳа устида ҳамкорлик қилиш истагида” деб таъкидлаган.

Ташқи ишлар вазирлари Владимир Норов ва Аивис Ронис мулоқотлар якунида Афғонистонга олиб борувчи транзит йўли лойиҳасида Россиянинг иштироки ҳам НАТО учун ҳамда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси учун жуда муҳим аҳамиятга эга, деган позицияда якдил эканини билдирган.