Давлат рамзларидан фойдаланиш устидан назорат кучайтирилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда тижорат мақсадлари учун давлат рамзларидан фойдаланишни чеклаш ҳамда давлат рамзлари тўғрисидаги қонунни бузганлар учун жазо чораларини кучайтиришни режалаштирмоқда.

“Марказий Осиё янгиликлари” агентлиги тарқатган хабарга кўра, ушбу масала яқин келажакда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокамасига чиқарилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодиров “Правда Востока” нашрига берган интервюси чоғида маълум қилган.

Бош прокурорга кўра, янги қонун лойиҳасида жамоатчилик жойиларида Ўзбекистон давлат мадҳияси янграган маҳал фуқароларнинг ўнг қўлини кўкракка қўйиб туриш тавсияси ҳам бор.

Шунингдек, янги қонун лойиҳасида давлат рамзлари, жумладан, герб ва байроқлардан тижорат йўлида фойладанишни тақиқлаш ҳам назарда тутилган.