Ҳюман Райтс Уотч Жалилов ҳимоясига чиқди

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Ғайбулла Жалиловга тайинланган узоқ муддатли қамоқ жазосини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Ташкилотнинг бу борада ёйинланган баёнотида айтилишича, Ғайбулла Жалиловга нисбатан қўйилган айбловлар ва тўпланган ашёвий далиллар ишончли эмас.

Жорий йилнинг 18 январ куни Бухорода ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкамада Ғайбулла Жалилов 9 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган эди. Бироқ ташкилотга кўра, ўтган ҳафта ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган яна бир маҳкамада Ғайбулла Жалиловга мамлакат Конституциясига тажовуз қилиш айби қўйилиб, унга қўшимча тўрт йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Ҳюман Райтс Уотч, шунингдек Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларнинг мунтазам тазийқларга учраб келаётганидан жиддий ташвиш билдирди.