Ўзбекистон экспортининг ошгани айтилмоқда

Газета.уз ахборот агентлигининг Давлат статистика қўмитасига таяниб хабар қилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 9,8 миллиард АҚШ долларидан ошган.

Бунинг 6,1 миллиард доллари экспорт, 3,6 миллиард доллари импорт операциялари ҳиссасига тўғри келади.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,8 фоизга кўп экани айтилмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил биринчи ярмида Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан бўлган савдо ҳажми 4,4 фоизга камайиб, 3 миллиард 953 миллион долларни ташкил қилган.

Бошқа хорижий давлатлар билан савдо 1,9 фоизга ошиб, 5 млрд 875 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Биринчи ярим йилликда ташқи савдодаги ижобий сальдо ҳажми 2 млрд 545 миллион долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси келтираётган рақамларни мустақил равишда текшириш имконсиздир. Ўзбекистон экспортининг асосий қисми хомашё маҳсулотлари ҳамда табиий заҳираларга тўғри келади.