Ўзбекистон раҳбари Покистонга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон президенти мисли кўрилмаган сув тошқинлари юз берган Покистон билан бирдам эканини билдирди, дея хабар қилди Покистондаги “Dailymailnews.com” интернет нашри.

- Покистонда кенг кўламда содир бўлган сув тошқинлари оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва бошпанасиз қолгани ўта мунгли ва қайғулидир. Шундай оғир дамларда мен сув тошқини қурбонларига ўз таъзиям, ҳамдардлигим ва улар билан бирдам эканимни билдираман, дейилади Ўзбекистон президенти Ислом Каримов йўллаган таъзияномада.

Интернет нашри хабарида, 18 август куни Ўзбекистон ҳукумати ҳам Покистондаги сув тошқинларидан жабр кўрган аҳолига гуманитар ёрдам жўнатишга қарор қилгани билдирилган.

“Ёрдам юклари Ўзбекистоннинг Ил-76 русумидаги тарнспорт самолётида 2010 йил 21 август куни соат 14:50 дақиқа ўтгунга қадар Ўзбекистондан Покистонга етказилади. 300 минг АҚШ доллари қийматига тенг бўлган 40 тонналик гуманитар ёрдам юклари 12 кишига мўлжалланган чодирлар, кўрпа-тўшаклар, ичимлик суви, тиббий дорилар, ун, гуруч, чақалоқларга мўлжалланган овқатлар, катталар ва болалар учун кийим-кечаклардан иборат” дейилади Покистондаги “Dailymailnews.com” интернет нашри хабарида.