АҚШ президенти Ўзбекистон раҳбари ва халқини табриклади

АҚШ президенти Барак Обама Америка халқи номидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ўзбекистонликларни табриклади.

"1 сентябр куни Ўзбекистон халқини давлат мустақиллиги ва суверенитетининг 19 йиллиги билан муборакбод этиш бизга улкан мамнуният бағишлайди. Ишончим комилки, истиқболда ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз изчил давом этади. Мустақиллик байрами шодиёналари Сизга ва Ўзбекистон халқига шоду хуррамлик, тинчлик ва файз барака олиб келсин", дейилади УзА ахборот агентлиги сайти (30 август куни) эълон қилинган табрик мактубида.

Айни пайтда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам Ўзбекистон Республикаси мустақиллик куни муносабати билан қилган баёнотида ўз мамлакати Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканини билдирди.

Бу ҳақда хабар қилган ИТАР-ТАСС агентлигига кўра, давлат котиби АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик “бутун Марказий Осиё барқарорлиги, хавфсизлиги ва равнақига ҳисса қўшиши”га ишонч билдирган.