Ўзбекистонда Интернетга фильтр ўрнатмоқчилар

Ўзбекистонда икки вазирлик – Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги Интернетдаги информацияни "фильтр"дан ўтказишни таклиф қилди.

Бу ҳақда хабар берган CA-news сайтига кўра, бу таклиф тилга олинган вазирликлар вакиллари 14 март куни ўтказган матбуот анжуманида янграган.

Вазирликлар вакиллари фикрича, бу чора мамлакат ёшларида "мафкуравий иммунитет" ҳосил қилишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги таълим вазирликлари Интернетни фильтрлашни таклиф қилган куни халқаро "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистон ва Туркманистонни яна интернет душманлари рўйхатида қолдиргани тўғрисида хабар берган эдик.

Ташкилотнинг 100 саҳифалик йиллик ҳисоботида айтилишича, дунёдаги энг қақшатгич интернет цензура Хитой, Эрон, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Сурия, Куба, Туркманистон, Ўзбекистон, Ветнам ва Мянмададир.

Ҳисоботда Ўзбекистон хусусида “Бу полиция давлати интернет тармоғида ахборот тарқалишини тутиб қолиш ва ҳоҳ виртуал ёҳуд реалликда бўлишидан қатъий назар, фуқаролик жамияти туғилишига уринишларга қаршилик қилишда давом этмоқда”, дейилган.

***