Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳасига қарши

Ўзбекистон Тожикистондан Покистонга 1000 МВт электр энергия узатиш қувватига эга бўладиган 750 километрли минтақавий электр узатиш линияси қуриш тўғрисидаги Душанбе ва Исломобод режасига қарши.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги Покистонда чиқадиган Dawn News газетасининг 13 март сонида чиққан хабарга асосланиб хабар қилди.

Айтилишича, газета Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси мактуби мазмуни тўғрисида хабар қилган ва элчи ўз хатида тилга олинган электр узатиш линияси қурилишини "халқаро шартномаларга зид", деб баҳолаган.

Покистон ва Тожикистон ҳамкорликда амалга оширишни режалаштираётган CASA-1000 лойиҳасида Роғун ГЭСи қурилиши ҳамда унинг тўла қувват билан ишлаши назарда тутилган.

Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишига қарши. Тошкент фикрича бу станциянинг қурилиши Ўзбекистоннинг сув таъминотида жиддий узилишларга олиб келади.

Тошкент CASA-1000 лойиҳасига қарши чиқар экан, бу лойиҳа амалга ошмай қолишидан Покистон ололмай қоладиган фойда ўрнини қоплаши мумкин бўлган бошқа бир лойҳани таклиф қилмоқда.

Dawn News газетасининг Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси мактубига асосланиб ёзишича, деб хабар қилди Регнум, Ўзбекистон ҳукумати Покистоннинг Сват дарёсида потенциал қуввати 1315 МВтни ташкил қиладиган 3 та ГЭС қурилишига сармоя ётқизувчилардан бири бўлиши мумкин.
***