Жаҳон банки Талимаржон учун 110 миллион доллар ажратди

Талимаржон иссиқлик электростанцияси

15 март куни Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистондаги Талимаржон иссиқлик электростанциясини такомиллаштиришга қаратилган 110 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани тасдиқлади.

Жаҳон банки тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий ҳудудида электр таъминотини яхшилашда расмий Тошкентни қўллаш мақсадидаги ушбу маблағ кредит тарзида 25 йиллик муддатга берилаяпти.

Ўтган йилнинг апрелида Осиё банки ҳам Талимаржон сув омборини модернизация қилиш лойиҳаси учун 350 миллион АҚШ доллари ажратган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Япониянинг Тараққиёт дастури (JICA) дан 290 миллион АҚШ долларини ҳам ушбу гидроиншоотни мукаммаллаштириш учун сарфлаяпти.

Ўзбекистон ўз ҳисобидан 440 миллион АҚШ долларини айни сув омборини кенгайтириш учун ишлатаяпти.

CA-NEWS агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ушбу лойиҳа натижасида мамлакатнинг Самарқанд ва Бухоро ҳудудларидаги электр тақчиллигини бартараф қилмоқчи ҳамда Афғонистонга электр етказиб беришни кўпайтиришни режалаштирган.