Ўзбекистон раҳбари Хитой Мудофаа вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов 18 март куни Оқсаройда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ва Марказий ҳарбий кенгаши аъзоси, Мудофаа вазири Лиан Гуанлени қабул қилди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, учрашувда минтақада барқарорлик, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, сиёсий, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари бўйича фикр алмашилган.

Хитой Мудофаа вазири бошчилигидаги делегация 18 март куни Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев билан ҳам учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳарбий соҳада алоқаларни ривожлантириш, минтақада хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа масалалар муҳокама қилинган.