13 май куни немислар Урганчда қўғирчоқ ўйнатади

Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси 13 май куни Хоразмда “Тушдаги қуëн уяси” қўғирчоқ театри тақдимотини уюштиради.

Бу ҳақда элчихона нашрида маълумот берилди.

Германиянинг Дармштат „Хамелеон“ театри Хоразм қўғирчоқ театри билан биргаликда „Тушдаги қуён уяси“ асарини саҳналаштирди.

Спектакл Германияда урф бўлган „Сеҳрли нур театри“ техникаси ва сирлари асосида сахналашди.

„Сеҳрли нур театри“ киши онги учун яратилган театр ҳисобланади. Мусиқа ва кўринадиган элементларнинг ҳаракатланиши фонида актёрлар воқеаларни тасвирлаб беради.

Шу тарзда „Сеҳрли нур театри“ сўзсиз тасвирлар ва хаёлотга чорловчи иллюзион образлар мисолида намоён бўлади. Бу билан саҳна намойиши қайсидир маънода умумий тилга ва ифода воситасига айланади.

„Тушдаги қуён уяси“ саҳна асари 2011 йилнинг 2-13 май кунлари Юрген Цахманн томонидан Хоразм вилоят давлат қўғирчоқ театри актёрлари билан ҳамкорликда интенсив семинарлар доирасида ишлаб чиқилди.