Олмаота суди яна икки ўзбек қочқинининг аризасини рад қилди

Аризаси рад қилинган Суннатилла Қўлдошев.

17 май куни Олмали туман суди Олмаота ҳибсхонасида қолаётган ўзбек қочқинларидан яна иккиси, ака-ука Суҳроб ва Суннатилла Қўлдошевларнинг қочқинлик мақоми берилиши борасидаги ишини кўриб чиқиб, уларнинг аризаларини рад қилди.

Олмаота шаҳар Миграция департаменти ўтган йили Қозоғистон жанубий пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш тўғрисидаги илтимосини рад этган эди.

Бу борада судга мурожаат қилган қочқинларнинг барчаси рад жавобини олиб келаяпти.

Суднинг бу қарори билан ака-ука Қўлдошевлар ва уларнинг оилаларига нисбатан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфини кучайтирди.

Айни пайтда ҳибсхоналарда қолаётган 29 қочқин ва уларнинг оила аъзоларидан ташқари яна ўнга яқин ўзбекистонлик оила қочқин мақоми олиш истагида Олмаотада шаҳрида дарбадарликда яшамоқда.