CPJ Тошкентни тазйиқларини тўхтатишга чақирди

-Ўзбекистон маъмурлари “Америка овози” радиоси мухбири Абдумалик Бобоевга тазйиқ ўтказишни тўхтатиши ва унинг Ўзбекистондан чиқишига рухсат бериши лозим, дейилади бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг кеча эълон қилган баёнотида.

Журналист Абдумалик Бобоевга икки ойдан буён чет элга чиқиш визаси берилмаяпти.
Абдумалик Бобоев ўз ҳужжатларини тегишли идораларга март ойи бошларида топширгани тўғрисида бундай деди:

- Янглишмасам, 2 март эди. Мартнинг охири - апрелнинг бошларида жавоб келди. Қоғозда “хорижга чиқиш бўйича аризангиз қаноатлантирилмади, ҳужжатларингиз қўшимча равишда тегишли идоралар томонидан ўрганилаяпти” дейилган. Кейин республика ОВИРига боришни маслаҳат беришди. У ерга борсам, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳали менинг хорижга чиқишим бўйича таъқибни бекор қилмаган, деб айтишди, - деди журналист Абдумалик Бобоев.

Ўзбекистонлик яна бир журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов куни кеча Олмаотага кетаётган жойида чегарада ушлаб қолинди.