Тошкентда Ўзбекистон-Саудия бизнес форуми бўлади

Саудия Арабистони бизнес доиралари вакилларидан иборат делегация 5 – 6 июн кунлари Ўзбекистонга келади.

Ташрифдан мақсад Саудия Арабистони бизнес доиралари ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига асосланиб 12.уз ахборот порталининг маълум қилишича, Саудия делегацияси таркибида банк соҳаси, нефтни қайта ишлаш, электртехника, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ахборот технологиялари, пойафзал ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган ширкатлар раҳбарлари ва вакилларидан иборат.

Ташриф доирасида 6 июн куни Тошкентдаги Интерконтинентал меҳмонхонасида бизнес форум ўтказилиши режаланган.

Шу ой бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Саудия Арабистони элчиси Иброҳим Муҳаммад ал-Мансур билан вазирлик расмийлари ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди.