Ўзбекистон йирик банклардан кредит олмоқчи

Ислом тараққиёт банки ҳомийлигида Сараевода уюштирилган бизнес форум, 6 апрел 2011 йил.

Ўзбекистон ҳукумати 2015 йилга қадар Ислом тараққиёт банки ва Осиё тараққиёт банкидан 1 миллиард 165,8 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олишни режалаяпти.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизматига асосланиб Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, маориф ва хусусий бизнес соҳаларини ривожлантиришга қаратилган қиймати 1 миллиард 56 миллион доллар бўлган 14 та лойиҳани амалга ошириш учун 2011 – 2013 йилларда Ислом тараққиёт банкидан 665,8 миллион доллар кредит олиш режаланмоқда.

Иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкларига аъзо бўлганидан бери шу банклар иштирокида 198 та лойиҳа ишлаб чиқилган.

Шу пайтгача қиймати 1 миллиард 450 миллион доллар бўлган 153 та лойиҳа амалга ошган.

Ҳозирда мазкур уч банк иштирокида қиймати 2,4 миллиард долларлик 45 та лойиҳа амалга оширилмоқда.