Ўзбекистон Покистонга 800 мВт электр экспорт қилиши мумкин

Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчиси Ойбек Усмонов Ўзбекистон Покистонга 800 мВт электр энергиясини экспорт қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Буни Ассошиэйтед Пресс Покистон ахборот агентлиги хабар қилди.

Элчи Усмонов Покистоннинг Савдо-саноат палатаси федерацияси президенти ва сенатор Ҳожи Ғулом Али билан учрашувда Ўзбекистон Афғонистонга 300 мВт электр энергияси экспорт қилаётганини ва Пешавор орқали Покистонга жуда яхши нархда 800 мВт электр энергияси етказиб бера олиши мумкинлигини айтган.

Яқин фурсатда Исломобод ва Тошкент ўртасида Ўзбекистондан Покистонга 1000 мВт электр экспорт қилиш борасида музокаралар бошланиши режаланган.

Ойбек Усмонов ва Ҳожи Ғулом Али ўртасидаги учрашувда Покистоннинг Савдо-саноат палатаси федерацияси мамлакатнинг турли вилоятларидан 100 нафар тадбиркорни Ўзбекистонга жўнатиши ҳақида келишиб олинди.

Бундан кўзланган мақсад давлатлар ўртасида савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтиришдан иборат.