"Ўзбекистонда тергов қилинаётганлар ҳуқуқлари 100% таъминланган"

Ўзбекистонда 2010 йили биронта ҳам адвокат ўз ҳимояси остидаги шахснинг ҳуқуқлари бузилгани юзасидан шикоят билан мурожаат қилмади.

Регнум ахборот агентлигига кўра, бу ҳақда Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқий таъминот бошқармаси бошлиғи подполковник Илҳом Турғунов баёнот берган.

Турғуновга кўра, тергов жараёнида тергов қилинаётганларнинг ҳимоячи хизматидан фойдаланиш, у билан чекланмаган тартибда учрашиш, яқинлари билан телефон орқали боғланиш ҳуқуқи таъминланмоқда.

Айни пайтда жойлардан олинаётган хабарларга қараганда, Ўзбекистонда тергов қилинаётганлар ва қамоқхонада сақланаётганларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилмоқда, улар қийноқларга солинмоқда.

16 июн куни Озодлик мухбири саволларига жавоб берган наманганлик Иброҳим Қорёғдиев жияни ва у билан бирга судланган бошқа олти йигитга нисбатан тергов жараёнида қийноқ қўлланилгани тўғрисида айтганди.

- Судга бизни чақирмасдан, адвокатимизни айтмасдан, бизни огоҳлантирмасдан фақатгина ëлланма гувоҳларни турманинг ичидан топиб суд қилишди, - деганди Иброҳим Қорёғдиев.