ЕИ вакиллари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқи масаласини ўрганяпти

-

23 июн куни Европа Иттифоқи вакилларининг Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасида икки кунлик сўзлашувлари бошланди.

Бугун Тошкентда Европа Иттифоқининг тўрт нафар вакили Ўзбекистон расмийлари билан учрашувдан аввал маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан учрашди.

Учрашувда қатнашган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, ЕИ вакиллари мамлакатдаги диний эътиқод билан қамалган маҳбуслар, қамоқхоналардаги қийноқлар, сўз эркинлиги ва болалар меҳнати муаммолари билан қизиққанлар.

- Биз қийноқлар, диндорлар, сўз эркинлиги ва болалар меҳнати борасида ўзимизга маълум фактлар билан гапирдик. Кейин улардан Қозоғистондан экстрадиция қилинган 28 қочқин билан боғлиқ вазиятга ҳам эътибор қаратишларини сўрадик,- деди Суръат Икромов.

ЕИ вакилларининг бугун Ўзбекистон Омбудсмени Сайëра Рашидова, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашиши кутилмоқда.

Кеча Human Rights Watch ташкилоти Европа Иттифоқи вакиллари 23-24 июн кунлари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасида ўтказадиган сўзлашувларида қамоқда қолаётган ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг тақдирини кун тартибидаги асосий масала сифатида кўтариши лозимлигини таъкидлаган эди.