Ургутда омончилар билан бозорчилар ўртасида тўқнашув келиб чиқди

23 июн куни Самарқанднинг Ургут туманидаги “Рисолат” буюм бозори савдогарлари билан милициянинг махсус отряди ўртасида тўқнашув чиқди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган савдогарларга кўра, кеча 2000 дан зиёд савдогар “Рисолат” бозорининг бошқа жойга кўчирилишига норозилик билдирган ва ниқоб кийган омончилар уларни тарқатгани уринган. Лекин норозилар қаршилик кўрсатган.

Гувоҳларга кўра, омончилар норозиларни ҳибсга олишга ҳаракат қилган пайтда савдогарлар уларни тошбўрон қилган.

Савдогарлардан ўн нафари ҳибсга олингани айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугун ҳам тахминан 5 минг савдогар норозилик намойишини давом эттираяпти.

“Рисолат” номли буюм бозорида 15 мингта савдо ўрни бўлиб, Ургут туман хокимлиги уларни марказдаги “Юқори бозор” номли савдо мажмуасига кўчиришга уринмоқда.