Россия мулозими Оқсаройда қабул қилинди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 28 июн куни Россия федерациясининг Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги директори Михаил Дмитриевни қабул қилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра¸ учрашув пайтида икки давлат ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Мулоқотдан кейин Михаил Дмитриев ўз давлати Ўзбекистон мудофаа салоҳияти кучайишига тарафдор эканини билдирган.

Бундан 15 кун олдин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия президенти Дмитрий Медведев билан Тошкентда учрашган эди.

Таҳлилчилар назарида Ислом Каримов таклифи билан амалга ошган Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга хизмат сафари Араб мамлакатларида узоқ йиллар ҳукмронлик қилган раҳбарлар ўзгаришига олиб келган вазият билан боғлиқдир.

Россиялик мулозим Михаил Дмитриевнинг Ўзбекистон президенти тарафидан қабул қилиниши 14 июн куни Тошкентда Россия ва Ўзбекистон президентлари учрашувининг узвий давоми сифатида кўрилмоқда.