Германия парламенти аъзоларига Ўзбекистонга келиш рад этилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Германия парламенти Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоларининг Тошкентга режаланган сафари амалга ошмаслигини маълум қилди.

EurasianTransition нашрига таяниб берилаётган хабарларга кўра, немис депутатларининг шу йил ноябрга белгиланган сафари Ўзбекистон парламенти ҳар икки палатасининг ўта бандлиги сабаби билан рад қилинган.

Германия ҳукумати бу борада ҳозирча бирор расман маълумот бергани йўқ.

Аммо, буни тасдиқлаган Германия Яшиллар партияси аъзоси ҳамда парламентнинг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича матбуот вакили Фолкер Бекка кўра, шу йил аввалида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норовнинг Германияга сафари чоғидаги муҳокамаларда инсон ҳуқуқлари масаланинг кескин кўтарилгани ва шунингдек, Берлинда ўтган сиёсий акциялар Тошкент раҳбариятини ранжитган бўлиши мумкин.