Бан Ки Мун Каримовга миннатдорчилик билдирди

2010 йил апрелида БМТ Бош котиби Тошкентда Ислом Каримов билан учрашди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ўз лавозимига иккинчи муддат сайланишини қўллаб-қувватлагани ва табрик йўллагани учун Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий портали Бан Ки Муннинг миннатдорчилик мактубини эълон қилди.

Бан Ки Мун мактуб орқали бундан беш йил аввал БМТ Бош котиби лавозимига сайланганидан сўнг чин дилдан ва бор кучини сафарбар қилиб ишлашга қасамёд қилгани ва бу лавозимда ишлашидан фархланишини айтган.

“Биз тинчлик ва хавфсизлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ глобал миқёсдаги ўткир масалаларни ҳал этиш борасида мувафаққият қозониш учун ҳамжиҳатликда иш олиб бордик”, -дейилади мактубда.

Шунингдек, Бан Ки Мун инсониятга катта хавф солаëтган таҳдидларга қарамай, биргаликда амалга оширилган ишлардан мамнунлигини айтиб, бундан буён ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирган.

Пан Ки Мун 2007 йилнинг 1 январидан БМТ Бош котиби сифатида иш бошлади. У жорий йилнинг 21 июнида навбатдаги беш йиллик муддатга қайта сайланди.