Британия Тошкентдаги элчихонаси ходими судга тортилганидан хавотирда

Леонид Кудрявцев

Буюк Британиянинг Европа масалалари бўйича вазири Девид Лидингтон Тошкентдаги Британия элчихонасининг матбуот бўлими ходими Леонид Кудрявцев айбдор деб топилганидан норозилик билдирди.

Бу ҳақда хабар қилган Би-Би-Си маълумотига кўра, Девид Лидингтон Тошкентда элчихона ўтказган йиғилишларнинг барчаси Ўзбекистон ва халқаро қонунларга мувофиқ ўтказилганини таъкидлаган.

"Бу йиғинлар Президент Каримовнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги билимни ошириш истагига мос равишда олиб борилган. Биз мазкур маҳкама иши борасидаги жиддий хавотирларимиз борасида ўзбек расмийларини огоҳ қилдик," деган Девиж Лидингтон.

15 июл куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туман суди Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати ходими Леонид Кудрявцевни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201- моддаси, 1 - бандига мувофиқ йиғилишлар, митинглар ва намойишлар ўтказиш тартибини бузганликда айбдор топиб, энг кам иш ҳақининг 80 баробари миқдоридаги жаримага тортди.