Outotec Ўзбекистон кончилигига янги технология олиб кирмоқчи

Outotec Ўзбекистон кончилигига илғор технологиялар тақдим этмоқчи.


Бош қароргоҳи Финляндияда жойлашган Outotec ширкати Ўзбекистондаги Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан келишув имзолади.

Унга кўра¸ кончилик ва металлургия саноатига янги технологиялар олиб кириш билан танилган халқаро ширкат Олмалиқ комбинати қошида газ тозалаш ва сулфат кислота ишлаб чиқариш заводини қуриб беради. Outotec ширкати эълон қилган ахборотга кўра¸ Олмалиқ яқинида қуриладиган бу лойиҳа баҳоси 30 миллион еврога тенгдир.

Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳа учун белгиланган муддат 32 ой ва Финляндия ширкатининг билдиришича¸ янги завод йилига 500¸000 тонна сулфат кислотаси ишлаб чиқариш имконига эга бўлади.

Мазкур лойиҳанинг яна бир жиҳати¸ деб ëзади Outotec матбуот хизмати¸ Ўзбекистондаги ягона мис қазиб чиқарувчи бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинати иншоотларини атроф-муҳитга камроқ зарар еткизишга мослаштиришдир.

Ўзбекистоннинг давлатга қарашли икки ширкати билан узоқ йиллик ҳамкорлик қилиб келган Британиянинг Oxus Gold компанияси айни кунларда Тошкент томонидан атроф-муҳитга катта зиëн еткизган технологиялардан фойдаланганликда айбланиб¸ ширкатнинг бор капитали ҳукумат томонидан мусодара қилиниш арафасида.