Ўнлаб ўзбек Москвадан бадарға қилинади

Жумага ўтар кечаси Россия пойтахтининг Комсомольская майдонида содир бўлган оммавий муштлашув оқибатида камида 30 нафар Ўзбекистон фуқароси шаҳардан ҳайдаладиган бўлди.

Бу ҳақда Россия Федерал миграция хизмати матбуот хизмати раҳбари Залина Корнилова Россия ахборот воситаларига хабар тарқатди.

Оммавий муштлашувда 40-50 одам қатнашганини билдирган расмийнинг айтишича¸ ўзбекистонлик гастарбайтерлар ўз ораларида иш бўлиша олмай уришиб кетган ва эндиликда ҳамма ҳужжатлари рисоладагидай бўлган тақдирда ҳам¸ уларнинг аксарияти паспортига қайтиб келмаслик ҳақидаги муҳр босилган ҳолда Россиядан чиқариб юборилади.

Москвада иш талашган ўзбекистонликлар орасида юзага чиққан даҳанаки уруш Россия жамоатчилиги томонидан меҳнат муҳожирларининг тобора агрессивлашиб бораëтгани далили сифатида қабул қилинмоқда.

Москва шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари Владимир Колокольцевнинг матбуотга айтишича¸ Россия пойтахтида содир этилаëтган жиноятларнинг 70 фоизига яқини москвалик бўлмаганлар томонидан содир этилмоқда.